Nukus fm Nukus fm Нукус ФМ No'kis FM Нукус ФМ Нукус ФМ No'kis FM Нукус ФМ No'kis FM Nukus fm

Ўзбекистон пахта далаларида болалар ва мажбурий меҳнатни олдини олишдаги улкан ютуқларга эришмоқда



Халқаро меҳнат ташкилоти мониторларининг айтишларича, пахта теримида мажбурий меҳнат кескин равишда камайган. Болалар меҳнати борасида эса, олдинги йилларда бўлганидек, хавотирга ўрин қолмаган.
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) мониторларининг хабар беришларича, Ўзбекистон пахта далаларининг аксарият қисмида мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилган. 

2018 йилда пахта теримига жалб этилганларнинг  93 фоизи ихтиёрий равишда пахта термоқдалар. Талаба, ўқитувчи, врач ва ҳамширалар пахтага мутлақо жалб этилмаётир.
Шунга қарамай, мониторларнинг қайд этишларича, айрим ҳолатларда давлат ташкилот ва идоралари ходимлари ҳамон пахтага чақирилиб, теримда иштирок этаётганлиги кузатилди.
Ўтган йилларда пахта теримида катта муаммо деб эътироф қилинган болалар меҳнати эса буткул йўқотилди.
“2018 йил Ўзбекистон учун кўпгина йўналишларда синов бўлди," – дейди ХМТнинг Иш жойларида фундаментал тамойиллар ва ҳуқуқлар бюроси бошлиғи Беате Андреес. “Бир йил олдин Президент Мирзиёев БМТ минбаридан туриб, ҳукумат ХМТ ва Жаҳон банки билан биргаликда пахта теримида болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш ҳақида мажбурият олишини таъкидлаб ўтган эди. Ушбу сиёсий мажбуриятни рўёбга чиқариш мақсадида бир қатор тузилмавий ўзгаришлар рўй берди ва ишчи кучи ёллаш борасида ислоҳотлар амалга оширилди. ХМТ мониторлари ушбу чора-тадбирлар ўз самарасини берганини ва одамлар жойларда буни ҳақиқатда ҳис этаётганини таъкидладилар.”
Ўзбекистонда одамларни пахта теримига жалб этиш – дунёдаги энг йирик ишга ёллаш амалиёти бўлиб, унда қарийб 2,6 миллион киши мавсумий терим ишларига жалб этилади. Гарчи сўнгги йиларда пахта экин майдонлари қисқартирилган бўлса-да, ушбу экин ҳамон маҳаллий аҳоли учун, айниқса қишлоқ аёллари учун муҳим қўшимча даромад манбаи бўлиб хизмат қилиб келмоқда. 
Учинчи томон мониторинги
ХМТ Ўзбекистон ҳукумати, иш берувчилар ва касаба уюшмалари билан эришилган келишувга биноан пахта теримида болалар меҳнатини 2013 йилдан буён мониторинг қилиб келмоқда. 2015 йилдан бошлаб эса, Жаҳон банки билан келишувга асосан ХМТ терим давомида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнат мониторингини амалга ошириб келмоқда.
Жойлардаги ҳолатни холисона ўрганиш мақсадида ХМТ экспертлари томонидан ҳамроҳларсиз ва олдиндан эълон қилинмаган ҳолда, теримчилар ва теримга жалб этилган бошқа шахслар билан 11 000 та суҳбатлар уюштирилди. 
Бу йилдан бошлаб эса далалардаги суҳбатлар, хабардорликни ошириш ва ишонч телефонлари орқали келиб тушган мурожаатларни ўрганишда мониторларга қўшилиб маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам қатнашдилар.
Мониторингда бирорта давлат идоралари вакиллари қатнашмади. Боз устига, самарадорликни янада ошириш мақсадида далаларнинг GPS координаталари таваккал равишда танлаб олиниб, ХМТ экспертларига сафарга чиқишдан бир оз муддат олдин берилди.
2018 йилда пахта далаларидаги теримчиларнинг аксарият қисми ихтиёрий равишда чиқишган бўлса, теримда иштирок этган баъзи давлат ташкилотлари вакиллари теримга чиқишни истамаганларини, аммо иш жойида муаммо келиб чиқмаслиги учун далага чиққанликларини билдирдилар. Бошқа гуруҳ теримчилари эса терим учун тўлов миқдорининг анча яхшилангани ва қўшимча рағбатлантирувчи мукофотлар берилишини эшитиб далага чиққанлигини маълум қилдилар. 
Ҳукумат ислоҳотлари
Иқтисодиётда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бири бўлиб пахта терими ҳақини ошириш ва турли теримлар давомида терим шароитлари фарқ қилганлиги боис бир кг пахта учун турлича тўловларни белгиланганлиги бўлди. Терим учун тўлов шкаласи 2018 йилда янада такомиллаштирилди, яъни меҳнат ресурслари етишмаган ва ҳосилдорлиги паст бўлган ҳудудларда терганлар учун қўшимча рағбатлар тақдим этилди.
2018 йилда ҳукумат ишонч телефонлари орқали 2 500 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Кўп ҳолларда меҳнат ҳуқуқлари бузилишида айбдор деб топилган мансабдор шахслар, ҳокимлар ва давлат ташкилотлари раҳбарларига нисбатан интизомий ва маъмурий чоралар кўрилди. Бундай чоралар ишдан озод этиш, ҳайфсан ва жарималардан иборат бўлди.
Ўзбекистон пахта хомашёсини қайта ишлаш ва ўзини тўқимачилик саноати ишлаб чиқарувчиси сифатида намоён қилишни бошлади.
“Буларнинг ҳаммаси ижобий ўзгаришлардир”, -  дейди Беате Андреес. “Ишлаб чиқаришда тўлиқ иш кунли, доимий ва муносиб шароитларга эга иш жойларини яратиш пахта мавсумида ишчи кучига бўлган кескин ўсадиган талабни бирмунча қисқаришига ёрдам беради, илгарилари терим давомида ушбу талабни қондириш асносида адолатсиз ишга ёллаш амалиётларига йўл қўйилар эди.” 
“Биз кўп жойларда халқаро тўқимачилик корхоналари томонидан яхши меҳнат стандартларини қўллаш ва илғор хориж тажрибасини амалиётда қўлланилишини гувоҳи бўлганмиз. Ўзбекистонда ҳам бундай ишларни амалга оширилмаслигига сабаб кўрмаяпман”.
“Ҳали ҳам қилинадиган ишлар талайгина. Аммо Ўзбекистон юқори амбицияли ислоҳотларнинг кейинги босқичини амалга оширишда халқаро ҳамжамият томонидан, хусусан ҳукуматлар, сармоядорлар, тўқимачилик саноати ва фуқаролик жамияти томонидан қўллаб-қувватланишига арзишини исботлаб берди.”
ХМТ Ўзбекистон билан биргаликда “Мамлакат муносиб меҳнат комплекс дастури”ни 2014 йилдан буён амалга ошириб келмоқда. Пахта етиштириш соҳаси билан бир қаторда, ушбу дастур доирасида бандлик ва ёллаш сиёсати, меҳнат инспекциялари ва бошқаруви, меҳнат ҳуқуқи, меҳнат муҳофазаси, ижтимоий диалог ҳамда касаба уюшмалари ва иш берувчилар уюшмаларини салоҳиятини кучайтириш масалалари қамраб олинган.
ХМТнинг “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси асосий қисмини Европа Иттифоқи, Швейцария ва АҚШ лари ташкил этган “Кўп донорли траст жамғармаси” томонидан молиялаштирилган. 
 
 
    2018-11-26 17:28:19 |

Нөкис ФМ 100.4 каналында




Ҳаўа-райы



Миллий валюта көрсеткиши


Жоқарыға
Copyright © 2016-2020 Company Nukus Soft Engine